Untitled Document

Дунё... Ғазо болалари (1)

Ҳафса - 15 ёшда; Қўнғироқдек овози, фавқулодда зеҳни бор эди. 13 ёшида Қуръонни ёд олиб, ҳофиза бўлганди. Қироати жуда гўзал эди. Бугун ҳам хатм қилаётганди. Қўлида Қуръони... Жойнамози устида ўтирганча. Бир онда бомбалар отилди. Атроф чанг-тупроқ аралаш қонга беланди. Китобини кўксига босганча кўзларини юмди.

Зубайр - 14 ёшда; Оиласидаги ягона эркак - у эди. Отаси вафот этгач мактабни ташлаб, онаси ва укаларини боқишга мажбур бўлганди. Новвойхонада ишларди. Ҳар куни уйларига иссиқ нон, укаларига ширин кулча олиб келарди.

Энди новвойхона ҳам, онаси ҳам, укалари ҳам йўқ. Ҳамаси ёнди, кул бўлди. Ўзиям шаҳидлар қаторида кетди...

Убайда - 13 ёшда; Ёқимтой бола эди. Аммо қайсар, ўжар феъли бор эди. Негадир оқ ҳамда қизил рангларни ёқтирмасди. Ҳатто байрамларда ҳам, унга бу рангдаги кийимларни кийдира олишмасди. Аммо уни аяб ўтиришмади. Эркалиги ўтмади бу сафар.

Бор-йўғи ўн уч ёшида.. оппоқ кафанга ўралиб, қонга беланиб ётарди...

Мустафо - 12 ёшда; Кўнгли ярим, ўксик ва етим эди. Кекса бувасидан бошқа ҳеч кими йўқ эди. Буваси ҳам ўтган куни яраланди. Унга қараш учун шифохонада қолди. Бугун эса бу шифохона Мустафога, бувасига ва яна камида 500 кишига мозор бўлди.

Ножия - 10 ёшда; Кўнгли бўш, ҳуркак қизча эди. Айниқса, зилзиладан, шовқиндан, ёнғиндан қўрқарди. Ўзи эса ҳаммага, ҳатто жониворларга ҳам ўта меҳрибон, шафқатли эди. Аммо унга раҳм қилишмади. Ҳатто заррача ачинишмади. Унинг жонсиз баданини топиб келтиришганида ўз ота-онаси ҳам зўрға таниди.

(давоми эртага)